ТИЛ ТАЪЛИМИДА НУТҚ ФУНКЦИЯЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ҲУСУСИДА

article155.jpg

 Профессор С.Сайдалиев рассказывает о функциях  речи при коммуникативном обучении языкам

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТИЛ ТАЪЛИМИДА НУТҚ ФУНКЦИЯЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ҲУСУСИДА

 

Саидумар Сайдалиев, НамДУ профессори

 

Лингвистик адабиётларда тил деганда абстракция, мавҳумот, тизим, тил бирликлари тизими ва улардан фойдаланиш қоидалари тушунилади. Нутқ деганда эса ушбу тизимдан қоидалар асосида амалда фойдаланиш назарда тутилади. Тил ва нутқ тушунчаларини фарқлаш ва уларнинг ўзаро муносабатларини тўғри тушуниш тил таълими учун муҳим аҳамият касб этиб, бу таълим мақсади, мазмуни, воситалари, методларини белгилаш каби методик масалаларни ҳал қилишга ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга тил таълими жараёнини самарали ташкиллаш имконини беради. Бу жараённинг натижаси оптимал бўлиши учун тил ва нутқ функцияларини ҳисобга олиш зарур.

Тил ва нутқ тушунчалари бир бири билан узвий боғлиқ ҳодисалар бўлиб, улар бир бирини тақозо қилсада, лекин бир хил ҳодисалар эмас ва уларни бир биридан ажратиб ҳам бўлмайди. Улар гўёки дафтарнинг бир вароғи бўлиб, унинг бир томонини тил, иккинчи томонини нутқ деб тасаввур қилиш мумкин. Уларни тадқиқот мақсадидагина бир биридан шартли равишда ажратиб олиш мумкин. (Кольшанский). Психолингвистик нуқтаи назардан тилни восита, нутқни усул дейиш қабул қилинган. (Леонтьев, Зимняя). Шу соҳага оид адабиётларда нутқнинг қуйидаги функциялари қайд этилади:

-         Коммуникатив функция;

-         Ҳис-ҳаяжонни ифодалаш функцияси;

-         Тафаккур қуроли фунцияси;

-         Тўпловчи, жамловчи функцияси.

Тил таълимида юқорида қайд этилган функцияларни ҳисобга олиниши зарур. Акс холда тилни тўлақонли ўрганиб олишга футур етади. 

Коммуникатив функция ўз ифодасини кишилар ўртасидаги муомала вазиятида ўзаро фикр алмашиш, оғзаки ёки ёзма тарзда ахборот узатиш жараёнида топади. Бу вазиятда тил фикрни шакллантириш ва ифодалаш воситаси бўлса, нутқ фикрни шакллантириш ва ифодалаш усули бўлиб хизмат қилади (Зимняя). Буни қуйидаги мисол ёрдамида ойдинлаштиришимиз мумкин. Мен китобга эгалигимни ўзбек тилида: Менинг китобим бор. Жумласи ёрдамида ифодалайман. Шу учта сўздан иборат жумла юқоридаги фикримни ифодаловчи восита ҳисобланади. Мен ушбу воситалардан ўзбек тили қоидалари асосида (Эга, тўлдирувчи, кесим) гап қураман. Бу восита ва усуллар ўзга тилларда бир биридан мутлақо фарқ қилади, масалан, рустилида: У меня есть книга. Немис тилида: Ich habe ein Buch. Бундай ўзига ҳосликлар тилнинг ҳар бир сатҳида мавжуд бўлиб, тил таълимида уларни ҳисобга олиш зарур.

Тил воситасида кишилар бир бирларига кайфиятларинини, хурсандчиликларини, мамнунликларини, рози ёки норозиликларини, хафаликлари ва бошқа хиссиётларини ифодалайдилар. Бундай ҳиссиётлар тил воситалари (ҳис-ҳаяжонни ифодаловчи турли сўзлар)га қўшимча тарзда юз ифодалари, кўз қарашлари, турли органларнинг ҳаракати ва ҳолати орқали ҳам ифодаланади. Уларни “тана тили”, „Körpersprache“ деб номланади. Масалан, санаш жараёнида ўзбеклар ўнг қўлининг кўрсатгич бармоғи билан чап қўлининг кичик бармоғини юмишдан бошласалар, немислар ўнг қўлининг юмилган панжаларини бош бармоқдан бошлаб очиш билан кўрсатадилар. Бундай холат ва ҳаракатлар ҳамда турли миллатларга ҳос бўлган анъаналар ҳам тил ўрганиш ва ўргатишда ҳисобга олиниши зарур. 

Тил фикрлаш қуроли дейилади. Тил ва тафаккур бир бири билан узвий боғлиқ бўлмаган икки ҳодиса, фикрлашнинг ўзига ҳос тили, коди бўлади. Бошқа таълимотга кўра, тил ва тафаккур бир ҳодисанинг икки томони. Бу томонлар бир бири билан узвий боғлиқ деган бахсга киришмаган ҳолда, биз тил тафаккурнинг амалий кўриниши, юзага чиқиши деган фикрга қўшиламиз. Ҳаётда кишининг тафаккур қилиш, фикрлаш даражасини унинг нутқидан билиб олса бўлади, чунки ўқимишли ва оми одамнинг нутқи бир биридан тубдан фарқ қилади. Ўз навбатида тиллар ҳам бир биридан фарқ қилади. Тилни мукаммал ўрганиш шу тил соҳиблари каби фикрлашни ўрганишда ўз ифодасини топади. Ўрганувчиларни тил соҳиби каби фикрлаш даражасига интилтириш тил таълимининг асосий мақсади бўлмоғи керак.

Инсонлар биладиган, ўрганган, тажрибадан ўтказган барча билимлар, анъаналар, қадриятлар, маданият, тарих хуллас, ҳамма-ҳаммаси тилда тўпланади, жамланади, тил орқали авлоддан авлодга ўтади. Тилнинг бу функцияси жамловчи, тўпловчи – кумулятив функцияси ҳисобланади. Келгуси авлод бу функция орқали ўзи учун янги бўлган билим, кўникма ва малакаларни эгаллайди ва ўз тажрибаси билан бу функцияни кенгайтириб, бойитиб боради. 

Юқорида қайд этилган функциялар муайян тил таълими шароитида ўзига хос тарзда амалда қўлланади, бойитилади. Масалан, профессор Ф.Габдулхақов томонидан ташкил қилинган ва муваффақият билан олиб борилаётган рус тили ўргатишнинг онлайн курсида ҳам юқоридаги функциялар ижодий жиҳатдан кенгайтириб, бойитиб борилмоқда. Ушбу курс орқали рус тилининг назарясини ўрганиш эмас, балқи рус тили воситасида фикр алмашиш, мулоқат қилиш, ҳис-ҳаяжони ифодалаш, тафаккур қилиш, фикрлаш ва дунё ҳақидаги билимларни авлоддан авлодга узатишни ўрганиш ва ўргатиш тарғиб қилинмоқда ва бу тажрибанинг амалиётдаги ифодаси ўз аксини топмоқда.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

леонтьев.А. А. основы психолингвистики. м.смысл” 1999

леонтьев.А. А.  язък, речь и речевая деятельность. м.1974

жинкин.Н.и. механизмы речи. М. 1958

— Беляев Б. В. Очерки по психология обучения иностраннъм язъком. М. 1969

артемов А. А.  Психология обучения иностранным язъкам. М. 1968

и.а.зимняя. Психология обучения иностранным языкам в школе. М. 1991

saydaliyevs., gabdulhakovf. Psixolingvistika. Namangan. 2004

шанский н.м. Что значит знать язык и владеть им. Ленинград “просвещение”, — 1989.

габдулхаков ф.а. Тил таълими жараёнида тил соҳиби таёрлаш муаммолари. Намду. Филология масалалари. Илмий мақолалар тўплами.196-198 бетлар.

галскова н.д., гез н.и. Теория обучения иностранным языкам. М., издательский центр “академия”, 2007.

общеевропейские компетенции владения иностранным языком: изучение, обучение, оценка. Депортамент по яыковой политике, страсбург -2005.

gemeinsamer eurohaeischer referenzrahmen fuer sprachen: lernen, lehren, beurteilen. Berlin, muenchen. Langenscheidt, — 2001.

Рейтинг: 0 Голосов: 0 568 просмотров
Комментарии (0)

Нет комментариев. Ваш будет первым!

Добавить комментарий