Тил соҳиби

19 декабря 2014 - Фарит Габдулхаков
article34.jpg

 Мақолада "тил соҳиби" тушунчаси ёритилиб, тил билишнинг 5 даражаси баён этилган, тил соҳибининг имкониятлари билан бир қаторда унинг маъсулиятига хам  эътибор қаратилган

 

 

 

                                                                               

 

 

 ТИЛ СОҲИБИ     

Профессор Ф.А. Габдулхаков, НамДУ.  

       Тилни тўла эгаллаш машаққатли ва чексиз жараёндир. Бу ишга астойдил бел боғлаган инсон тилда ўзи ўрганиши ва ўзлаштириши керак бўлган сўз, ибора ва нутқ воситаларининг cони беқиёс эканлигини ҳис этиб боради. Шу ўринда, чинакам тил соҳиби бўлиш учун нималарга эътибор қаратилмоғи лозим деган савол туғилиши табиий. Дунё ранг-баранг, кўп қиррали ва сермазмун бўлгани каби, тилнинг имкониятлари ҳам мулокотда турлича намоён бўлади. Кишиларнинг сўз бойлигига, чиройли иборалар ва ўхшатишлардан фойдаланишларига қараб ҳам уларнинг қай даражадаги тил соҳиби эканлигини билиб олиш мумкин. 

Баъзи одамлар ёзма нутқ устаси бўлсалар, бировлар оғзаки нутқни афзал кўрадилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, тил ўрганувчиларга маслаҳат сифатида улар босиб ўтиши лозим бўлган босқичларни санаб ўтиш лозим. 

Мактаб ва кўпчилик ўқув юртларида тил билишнинг лингвистик жиҳатига эътибор берилади. Бу эса тил қоидаларига амал қилишни ифодалайди. Тил қоидаларини тўла эгаллаш қийин бўлганлиги учун ушбу жараён узоқ давом этади, тилнинг улкан ва чексиз тизим эканлигини инобатга олсак, ҳеч қачон якунланмайди. 

Тил соҳибининг ижтимоий даражаси эса унинг асосан мулоқот жараёнида ҳамсуҳбатининг ёши, жамиятдаги ўрни ва бошқа хусусиятларини қанчалик инобатга олишида сезилади. Масалан, бола билан гаплашганда қўлланиладиган «тил»дан катталар билан мулоқотда фойдаланилмайди. Турли вазиятларга мос равишда мулоқот  юрита олиш ўта муҳим қобилиятдир.

Тил соҳибининг вазиятга мос даражаси унинг тил бирликларини тўғри танлай олиш санъатида акс этади. Шундай вазиятлар бўладики, унда ҳатто бир сўз ҳам ортиқчалик қилади, баъзан имо-ишорага ўтилади.

Тил билишнинг миллий-маданий даражаси шу тилда ифода этиладиган урф-одат, удумлар, адабий меросдан хабардор бўлишни тақозо этади.

Ва ниҳоят, тил соҳибининг қомусий даражаси сўзларнинг тўғри маъносинигина эгаллаш эмас, балки ҳар бир сўзнинг «дунёсига» кириб боришини талаб этади. Бу даражага етиш, бир сўз билан ифодаланиши мумкин бўлган барча маъноларни, ёки бир маънони билдирувчи барча сўзларни эгаллаш демакдир. Мана шу даражага етган инсон тилни мукаммал билган ҳисобланади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, санаб ўтилган талабларга қанчалик амал қилиши шахснинг қай даражадаги тил соҳиби эканини кўрсатади.

Мулоқот қачон, қаерда, қай мавзуда, ким билан бўлишидан чўчимайдиган, ўзини эркин тутадиган, фикрларини оғзаки ва ёзма шаклда бемалол ифода эта оладиган инсонларни нутқи равон тил соҳиби дея оламиз. Бундай инсон ўз баркамоллиги билан жамият paвнақига сезиларли даржада ҳисса қўша олади. 

Тил соҳиби  — тил қоидаларини биладиган, уларни уринли қўллай оладиган, тилдан унумли фойдаланадиган, шу билан бирга тилни ардоқлаб  эъзозлайдиган, унинг ривожига ижобий таъсир кўрсата оладиган  шахсдир.

 

 

 

Рейтинг: +1 Голосов: 1 3420 просмотров
Комментарии (5)
Нотиқ # 26 июля 2015 в 13:16 0
Қойил. Тил сохиби бўлинг.
Farit # 20 октября 2017 в 09:52 0
Мақолага ижобий баҳо берганингиз учун рахмат.
ЮЛДУЗ # 23 октября 2020 в 07:32 0
Очень приятные выражения
Shahzoda # 13 марта 2018 в 17:27 0
Maqola menga juda yoqdi kop narsalarni bilib oldim
Кодиржон # 23 февраля 2021 в 04:47 0
Эта статья многому учит.
Добавить комментарий RSS-лента RSS-лента комментариев