Тил билиш - баркамоллик белгиси

15 января 2014 - Фарит Габдулхаков
article21.jpg

Статья о воспитании языковой личности.

Работа написана на узбекском языке, публикуется в сборнике научных трудов Наманганского государственного университета, посвященном памяти известного филолога,  признанного педагога  Одила Носирова.

 

 

 ТИЛ БИЛИШ — БАРКАМОЛЛИК БЕЛГИСИ

Фарит ГАБДУЛХАКОВ, профессор, Наманган давлат университети 

 

Мулоқот юрита билиш қадим замонлардан бери санъат ҳисобланади. Чунки инсон ўз олдига қўйган барча муаммоларни тил ёрдамида ҳал қилади. Бу муаммоларни ҳал қилиш кўпроқ уларни муҳокама қилиш, бошқаларга тушунтириб бера олиш каби босқичлар билан чамбарчас боғлиқ. Одатда она тилини мукаммал ўрганиш жуда осон ишдек туюлади. Чунки тил дунёни идрок этиш жараёнида гўёки ўз-ўзидан, бошқаларнинг ёрдамисиз шаклланиб қоладигандек. Шу сабабли бўлса керак, кўпчилик эгалланган восита, яъни нутқ қобилиятини ривожлантиришга аҳамият бермайди. Лекин турли вазиятларда одамлар бу ишни амалга оширишга ожиз эканликларини сездириб қўядилар. Масалан, маросимларда, йиғилишларда сўзга чиқувчилар кўпинча иккиланиб турадилар. Фалончи сўзласа яхшироқ бўлармиди, деган фикрни билдирадилар. Бундай ҳолат болаларда ҳам сезилади. Уларга иш буюрилганда, агар топшириқ мулоқот билан боғлиқ бўлган ҳолларда «Мен қандай қилиб айтаман?», «Нима дейман?» — деб сўрайдилар. Катталар ҳам, болалар ҳам мулоқот билан алоқадор бўлмаган ишларни афзал кўрадилар. Сабаби, мулоқот руҳий тўсиқ ва қийинчиликларга бой бўлган жараёнлигидир. Мулоқотда шахснинг она тилини қанчалик яхши билиши кўринади. Афсуски, шундай масъулиятли вазифани бошқаларга тақлид қилиш йўли билан эгаллаш одат тусини олган. Таълим муассасаларида, асосан мулоқот воситаси ҳисобланмиш тил материалига эътибор қаратилади. Ваҳоланки, нутқ маданиятини ривожлантириш, мулоқот қобилиятини юксалтириш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, шахснинг нутқига қараб унинг умумий маданияти, ишбилармонлик даражаси, ўқимишлилиги ва қатор бошқа хусусиятларига баҳо бериш мумкин. Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, мулоқотнинг тўғри ва унумли юритилиши ишлаб чиқариш унумини 20 фоизгача орттирар экан. Тилни тўла эгаллаш, ўз навбатида, машаққатли ва чексиз жараёндир. Бу ишга астойдил бел боғлаган инсон тилда ўзи ўрганиши ва ўзлаштириши керак бўлган сўз, ибора ва нутқ воситаларнинг ўрни беқиёс эканлигини ҳис этиб боради. Шу ўринда, чинакам тил соҳиби бўлиш учун нималарга эътибор қаратилмоғи лозим, деган савол туғилиши табиий. Дунё ранг-баранг, кўп қиррали ва сермазмун бўлгани каби тилнинг қирралари ҳам турлича намоён бўлади. Кишиларнинг сўз бойлигига, чиройли иборалар ва ўхшатишлардан фойдаланишига қараб ҳам қандай тил соҳиби эканлигини баҳолаш мумкин. 

Баъзи одамлар ёзма нутқ устаси… бўлсалар, бировлар оғзаки нутқни афзал кўрадилар. Шундан келиб чиққан ҳодда, тил ўрганувчиларга маслаҳат сифатида улар босиб ўтиши лозим бўлган босқичларни санаб ўтиш лозим. 

Мактаб ва кўпчилик ўқув юртларида тил билишнинг лингвистика жиҳатига эътибор берилади. Бу эса тил қоидаларига амал қилишни ифодалайди. Тил соҳибининг ижтимоий даражаси эса, асосан мулоқот жараёнида ҳамсуҳбатнинг ёши, жамиятдаги ўрни ва бошқа хусусиятларини қанчалик инобатга олишида сезилади. Масалан, бола билан гаплашганда қўлланиладиган «тил»дан катталар билан мулоқотда фойдаланилмайди.Турли вазиятларга мос равишда ҳаракат қилиш ўта муҳим қобилиятдир. Тил соҳибининг вазиятга мос даражаси тил бирликларини тўғри танлай олиш санъатида акс этади.

Тил билишнинг миллий-маданий даражаси шу тилда ифода этиладиган урф-одат, удумлар, адабий меросдан хабардор бўлишни тақозо этади. Ва ниҳоят, тил соҳибининг қомусий даражаси сўзларнинг тўғри маъносинигина эмас, балки ҳар бир сўзнинг «дунёсига» кириб боришини талаб этади. Бу даражага етиш, бир сўз билан ифодаланиши мумкин бўлган барча маъноларни ёки бир маънони билдирувчи барча сўзларни эгаллаш демакдир. Мана шу даражадаги инсон тилни мукаммал билган ҳисобланади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, санаб ўтилган талабларга қанчалик амал қилиши, шахснинг қай даражадаги тил соҳиби эканини кўрсатади.

Мулоқот қачон, қаерда, қай мавзуда, ким билан бўлишидан чўчимайдиган, ўзини эркин тутадиган, фикрларини оғзаки ва ёзма шаклда бемалол ифода эта оладиган инсонларни нутқи равон тил соҳиби дея оламиз. Бундай инсон ўз баркамоллиги билан жамият paвнақига сезиларли даржада ҳисса қўша олади.

 

 

Рейтинг: +2 Голосов: 2 4056 просмотров
Комментарии (1)
Гульзира # 13 мая 2020 в 11:56 0
Ознакомилась. Подняты актуальные вопросы. Действительно, нам кажется, что мы знаем родной язык очень хорошо, но нет, когда нужно выступить перед публикой и произнести речь все наши знания исчезают(из личного опыта
Добавить комментарий RSS-лента RSS-лента комментариев