ТАЪЛИМДА КОММУНИКАТИВ ТАМОЙИЛНИ АМАЛГА ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ

1 февраля 2014 - Фарит Габдулхаков

 Статья посвящена проблемам обучения коммуникации и языковой личности. На узбекском языке.

  

 

 

ТАЪЛИМДА КОММУНИКАТИВ ТАМОЙИЛНИ

АМАЛГА ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ

С.Сайдалиев, Ф.Габдулхаков – НамДУ доцентлари

 

Инсон ўз олдига қўйган барча вазифаларни  тил ёрдамида мулоқот қилиш орқали  ҳал қилади, ёқимли мулоқот қила билиш эса қадим замонлардан санъат ҳисобланади. Ҳаётда дуч келинадиган  муаммоларни ҳал қилиш кўпроқ уларни муҳокама қилиш, бошқаларга тушунтириб бера олиш  билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун эса тил билиш зарур. 

Тилни мукаммал ўрганиш жуда осон ишдек туюлади, гуёки тил воқеа-ҳодисаларни идрок этиш жараёнида ўз-ўзидан ўрганиб қолинадигандек. Шу сабабли бўлса керак, кўпчилик она тилида мулоқот юритиш қобилиятини ривожлантиришга аҳамият бермайди. Лекин турли вазиятларда кишилар бу ишни амалга оширишга ожиз эканликларини сездириб қўядилар. Масалан, турли маросим ва йиғилишларда сўзга чиқувчилар кўпинча чўчиб, иккиланиб турадилар, мен эмас, балки фалончи сўзласа яхшироқ бўлармиди, деган фикрни билдирадилар. Бундай ҳолат болаларда ҳам сезилади. Уларга иш буюрилганда, топшириқ мулоқот билан боғлиқ бўлган ҳолларда «Мен қандай қилиб айтаман?», «Нима дейман?» — деб сўрайдилар. Катталар ҳам, болалар ҳам мулоқот билан алоқадор бўлмаган ишларни бажаришни афзал кўрадилар. Сабаби, мулоқот ақлий, руҳий ва бошқа бир қатор қийинчиликларга бой бўлган мураккаб жараёнлигидир. Чунки, мулоқот жараёнида кишининг тилни қай даражада билиши яққол кўзга ташланади. 

Афсуски, шундай масъулиятли вазифа – коммуникатив лаёқатни бошқаларга тақлид қилиш йўли билан эгаллаш одат тусини олган. Таълим муассасаларида асосан мулоқот воситаси ҳисобланмиш,тил материалига эътибор қаратилади. Ваҳоланки, нутқ маданиятини ривожлантириш ва мулоқот қобилиятини юксалтириш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, шахснинг нутқига қараб унинг умумий маданияти, ўқимишлилиги, ишбилармонлик даражаси ва қатор бошқа хусусиятларига баҳо бериш мумкин. Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, мулоқотнинг тўғри ва унумли юритилиши ишлаб чиқариш унумини 20 фоизгача орттирар экан. 

Тилни тўла эгаллаш, ўз навбатида, машаққатли ва чексиз жараёндир. Бу ишга астойдил бел боғлаган инсон тилда ўзи ўрганиши ва ўзлаштириши керак бўлган сўз, ибора ва нутқ воситаларининг ўрни беқиёс эканлигини ҳис этиб боради. Шу ўринда, чинакам тил соҳиби бўлиш учун нималарга эътибор қаратилмоғи лозим, деган савол  туғилиши табиий. Дунё ранг-баранг, кўп қиррали ва сермазмун бўлгани каби тилнинг қирралари ҳам турлича намоён бўлади. Кишиларнинг сўз бойлигига, чиройли иборалар ва ўхшатишлардан фойдаланишига қараб ҳам қандай тил соҳиби эканлигини баҳолаш мумкин. 

 

Баъзи кишилар ёзма нутқ устаси бўлсалар, бошқалар оғзаки нутқни афзал кўрадилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, тил ўрганувчиларга маслаҳат сифатида улар босиб ўтиши лозим бўлган босқичларни санаб ўтиш  мақсадга мувофиқдир. 

Тил билишнинг лингвистик жиҳати  тил қоидаларига амал қилиш  даражасини эгаллаш билан боғлиқ.  Тил соҳибининг ижтимоий-маданий даражаси эса, асосан мулоқот жараёнида ҳамсуҳбатнинг ёши, жинси, жамиятдаги ўрни ва бошқа хусусиятларини қанчалик инобатга олишида сезилади. Масалан, бола билан гаплашганда қўлланиладиган «тил»дан катталар билан мулоқотда фойдаланилмайди.Тил воситаларидан нутқ вазиятига мос равишда фойдалана билиш ўта муҳим қобилиятдир. Тил соҳибининг нутқ вазиятига мос равишда тил бирликларини тўғри танлай олиши  нутқ маданияти тарзида  намоён бўлади.

Тил билишнинг миллий-маданий даражаси шу тилда ифода этиладиган урф-одат, удумлар, адабий меросдан хабардор бўлишни тақозо этади. Ва ниҳоят, тил соҳибининг қомусий даражаси сўзларнинг тўғри маъносинигина эмас, балки ҳар бир сўзнинг «дунёсига» кириб боришни талаб этади. Бу даражага етиш, бир сўз билан ифодаланиши мумкин бўлган барча маъноларни ёки бир маънони билдирувчи барча сўзларни эгаллаш демакдир. Мана шу даражадаги инсон тилни мукаммал билган ҳисобланади. Санаб ўтилган талабларга қанчалик амал қилиш, шахснинг қай  даражадаги тил соҳиби эканини кўрсатади.

Мулоқот қачон, қаерда, қайси мавзуда, ким билан бўлишидан чўчимайдиган, ўзини эркин тутадиган, фикрларини оғзаки ва ёзма шаклда бемалол ифода эта оладиган инсонларни билимдон тил соҳиби дея оламиз. Бундай инсон ўз баркамоллиги билан жамият равнақига сезиларли ҳисса қўша олади.

Ҳозирги даврда чет тилларни ўргатиш жараёнида коммуникатив лаёқатни шакллантириш асосий мақсад ҳисобланади. Тил мулоқот қилиш мақсадида ўрганилади. Таълим тизимида ўқувчиларнинг коммуникатив кобилиятини ривожланиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабларда ҳамда ўрта махсус ўқув юртларида таълимнинг коммуникатив тамойилини барча ўқув фанларига жорий этишни кўзда тутувчи стандартлар ҳамда дастурлар синовдан ўтказилмоқда.   

Бу таълим стандартлари  амалдаги стандартлардан  ўқувчиларни билим олиш билангина чекланмасдан,     уларда йиғилган билим, кўникма ва малакаларни тажрибада қўллай олиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилганлиги билан фарқ қилади.  Бунда коммуникатив лаёқат алоҳида аҳамият касб этади.   Ўқувчи  тушуниши, билиши билан бир қаторда тушунтира олиши ҳам лозим. Янги дастурларда ахборот билан ишлашга эътибор кучайтирилган. Ҳар бир ўқувчи кучайиб бораётган ахборот оқимидан ўзи учун зарурини  танлаб, ундан унумли фойдалана билмоғи керак. 

Кўзда тутилаётган ўзгаришлар ўқувчиларни ҳаётга тайёрлашда самарали кўмак беради. Таълим  тизимида фан юналишлари бўйича берилаётган назарий билимларни амалда қўллай билиш коммуникатив қобилият билан узвий боғлиқ. 

Ушбу қобилиятни тарбиялаш ва такомиллаштириш қатор масаларни ҳал қилишни тақозо этади.  

Коммуникация - муомала, мулоқат, алоқа —  бу кишилар ўртасидаги ҳамкорлик  зарурати туфайли содир бўладиган кўпқиррали муносабатлар жараёнидир. Муомала кишилар ўртасидаги ахборот олиш ва бериш ҳамда кишиларнинг бир-бирига ўзаро таъсир қилиш жараёнидир. Муомаланинг асосий воситаси тил ҳисобланади. Муомала орқали кишилар амалий ва назарий фаолиятларини ташкиллайдилар, ахборот алмашадилар, бир-бирларини тушунадилар, бир-бирлари билан келишадилар, мақсадга қаратилган ҳаракат дастурларини тузадилар, бир-бирларига ўзаро таъсир ўтказадилар. Муомала жараёнида шахслар ўртасидаги муносабатлар шаклланади, юзага чиқади ва амалга ошади. 

         Муомала тил воситаси билан — вербал, ёки тилнинг иштирокисиз — новербал амалга оширилиши мумкин. Вербал муомала жараёнида сўз муҳим ўрин тутади. Сўз талаффуз қилиниши, ички нутқда такрорланиши, ёзилиши, махсус ишоралар ёрдамида ифодаланиши мумкин. Нутқ оғзаки ва  ёзма бўлиши, монолог ёки диалог тарзида  амалга ошади.

         Муомала фақат кишилар ўртасидаги ахборот алмашишдангина иборат бўлмай, балки кишиларнинг ҳис-ҳаяжонларини ҳам қамраб олади. Муомаланинг бу томони новербал коммуникацияни ташкил қилади. Новербал муомала воситалари бўлиб имо-ишора, ҳаракат, оҳанг, интонация, пауза, кулги, табассум, кўз қараш, кўз ёши ва бошқалар ҳизмат қилади. Новербал воситалар вербал муомалани тўлдиради. Новербал воситалар ёрдамида бир сўзга кўплаб маъно бериш мумкин.

         Тилларни ўргатишда шу тил соҳибига ҳос бўлган новербал воситаларни ҳам ўргатиш лозим. Акс ҳолда чет тил тўла ўзлаштирилмайди. Чунки турли тиллардаги новербал воситалар ҳам сўзлар каби бир-биридан  фарқ қилади. 

         Гапиришни ўргатиш жараёнида талабаларни юзма-юз ўтқазиш ижобий самара беради. Муомала жараёнида тилга ҳос бўлган новербал воситалардан тўғри фойдаланиш муомала маданиятининг таркибий қисми ҳисобланади.

         Муомала, айтилганидек,мураккаб ва кўп қиррали жараёндир. Муомала жараёнининг қуйидаги уч томонини таъкидлаш лозим, улар:         

1. Коммуникатив ёки ахборот алмашиш.

         2. Интерактив ёки муомала жараёнида нафақат сўз билан, балки ҳаракат билан алоқада бўлиш.

         3. Перцептив ёки кишини киши томонидан идрок қилиш, тушуниш ва баҳолаш, шу асосда муомалада бўлиш (кўринишини, билимини, ҳаракатларини, у ҳақидаги фикрларни… ).

         Муомала иштирокчиларига кўра унинг бир неча турларини фарқлаш мумкин. Биз учун энг муҳими таълимий муомаладир. Таълимий муомала деганда педагог ва талабанинг ўзаро муносабати, муомаласи тушунилади. Педагог ва ўқувчилар ўртасида самимий муомала жараёнини вужудга келтирмай туриб таълим ва тарбияга оид вазифаларни амалга ошириш мумкин эмас. Таълимий муомалада педагог ташаббускор бўлиб, ушбу жараённи  ташкил қилади ва бошқаради. Педагог муомала жараёнида уч ҳил йўл тутиши мумкин:

         1. Демократик йўл — вазифаларни белгилаш ва бажаришда педагог ва талабалар фаол иштирок этадилар. Ҳамма тенг ҳуқуқли ҳисобланади.

         2. Авторитар йўл — барча масалаларни педагог ҳал қилади, талабалар фақат бажарувчи бўлиб қоладилар.

         3. Либерал йўл — педагог фақат тушунтириш, ишонтириш, кўндириш билан чегараланади, талабчанлик қилмайди. Ҳамма иш ўз ҳолига ташлаб қўйилади.

         Тажриба авторитар ва демократик йўллар уйғунлашган усул билан ишлаш ижобий самара беришини кўрсатади.

         Муомала а) расмий, б) норасмий   бўлиши мумкин. Расмий муомалага: ўқитувчи-ўқувчи, врач-мижоз, сотувчи-ҳаридор, раҳбар-ҳодим ва бошқалар ўртасидаги муомала киради. Норасмий муомалага шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларга асосланган муомалани кўрсатиш мумкин. Норасмий муомаланинг олий формаси севги ва дўстликдир.

         Муомалада норасмийликка интилиш инсонларгаҳос бўлган ҳислатдир. Кишилар билан норасмий муомала қилиш қобилияти қуйидагиларга боғлиқ: 

         — шахсий ҳислатларга (муомалага интилиш, ишонч, тортинмаслик ва бошқалар);

         — муомалага усталик (алоқа ўрната билиш,қулоқ солиш, суҳбатдошни тинглаш,суҳбатни бошлаш, давом эттириш ва якунлаш, суҳбатдошни тушуна билиш, унинг ҳислатларини, ўзига ҳос хусусиятларини кўра билиш, вазиятни юмшата билиш ва бошқалар);

         — муомала одобини, назокатини сақлай билиш.

         Муомала одоби деганда кишининг муомала жараёнида ундан кутилаётган вербал ва новербал воситаларни ишлата билиш  қобилияти ва маҳорати тушунилади. Одобли, ҳушмуомала, назокатли киши ҳар доим вазиятни тўғри баҳолай олади ва  ундан кутилаётган муомалани қилади. 

         Муомала меъзомларини билмаслик ва уларни бузиш одобсизлик ҳисобланади. Одобсизлик эса ўзаро келишмовчиликларга олиб келади. Натижада муомала маданияти бузилади, муносабатлар таранглашади, салбий натижалар келиб чиқади ва ишга путур этади.

          Барча фаолиятга ўргатилгани каби, муомалага ҳам ўргатилади.

         Бизнингча қуйидагилар коммуникация ва коммуникатив таълимнинг долзарб масалалари ҳисобланади:

-         Коммуникация жараёни, унинг моҳияти, қонуниятлари, тузилиши, шарт-шароитлари, хусусиятлари, таркибий қисмлари ва бошқалар.

-         Муомаланинг ахборот алмашиш жараёни эканлиги.

-         Муомаланингкишиларнингўзаротаъсирқилишжараёниэканлиги.

-         Муомаладаги ижтимоий назорат масалалари.

-         Муомаладаги меъзон ва меъёр.

-         Муомаладаги роллар масаласи.

-         Муомала маданияти ва одоби.

-         Муомала турлари.

-         Табиий муомала.

-         Муомала  жараёнидаги қайта боғланиш.

—     Муомаланинг миллий хусусиятлари. Бу масала чет тилларни ургатишда алохида аҳамият касб этади.

-         Муомала жараёнининг шахс шаклланиши ва ривожланишига таъсири.

-         Муомала ва таълим-тарбия жараёнидаги барча ўқув предметлари.

-         Муомала тренингги (машқи). 

-         Муомалани амалий ўргатиш ва эгаллаш.

Республикамизда синовдан ўтказилаётган янги таълим стандартлари ва фан дастурлари ўқувчиларда коммуникатив қобилиятни шакллантириш ва такомиллаштириш билан узвий боғлиқ эканлиги сабабли истиқболда катта ўзгаришларга олиб келади. Уларнинг амалга ошиши эса таълим тизимининг асосий шахслариўқитувчи ва ўқувчиларнинг олдиларига қўйилган вазифаларни қанчалик ҳис этишлари, уларни сидқидилдан бажаришга интилишлари ҳамда ҳар бир фан мутахассиси ўз фанининг коммуникатив томонини очиб бера олиши билан узвий боғлиқ. Шунда юртбошимиз ҳамиша таъкидлайдиган, ўз соҳасини яхши биладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш 

самарадорлиги  янада ортади. Фанларни ўқитишдаги коммуникатив тамойилнинг амал қилиш қонуниятларига оид назарий ва амалий масалаларини ўрганиш эса бошқа илмий тадқиқотларнинг предмети ҳисобланади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.  а.а.леонтьев. основы психолингвистики. м. “смысл” 1999

2.  с.сайдалийев, ф.габдулҳаков психолингвистика. наманган. 2004

3. шанский н.м. что значит знать язык и владеть им. ленинград “просвещение”, — 1989.

4. габдулхаков ф.а. тил таълими жараёнида тил соҳиби таёрлаш муаммолари. намду. филология масалалари. илмий мақолалар тўплами. 2012. 196-198 бетлар

5. гальскова н.д., гез н.и. теория обучения иностранным языкам. м., издательский центр “академия”, 2007.

6. общеевропейские компетенции владения иностранным языком: изучение, обучение, оценка. департамент по яыковой политике, страсбург -2005.

7. gemeinsamer eurohaeischer referenzrahmen fuer sprachen: lernen, lehren, beurteilen. berlin, muenchen.  langenscheidt, — 2001.

 

 

Рейтинг: +3 Голосов: 3 6274 просмотра
Комментарии (0)

Нет комментариев. Ваш будет первым!

Добавить комментарий